Вячеслав Ли шеъриятининг лингвопоэтик хусусиятлари

Всегда отрадно знать, что литературой и поэзией корё сарам интересуются за пределами корейского мира, вдвойне приятно, когда узнаешь о неподдельном интересе к творчеству, в частности к поэзии Вячеслава Ли, человека из другой языковой среды, который выражает на родном языке свое отношение (уважение, любовь) к творчеству русскоязычного корейского поэта – Маъруфжон Йўлдошев: Я очень люблю творчество Вячеслава Ли

Поэт Вячеслав Ли. Фото Марка Ли

ВЯЧЕСЛАВ ЛИ ШЕЪРИЯТИНИНГ ЛИНГВОПОЭТИК ХУСУСИЯТЛАРИ[1]

Маъруфжон Йўлдошев

Низомий номидаги ТДПУ

 

  1. ХОТИРА УЙҒОНСА ГЎЗАЛДИР…

Вячеслав Лининг «Вақт япроқлари» номли мўъжазгина китобини қўлга олганимда негадир дераза остида ўтириб ташқарини осуда кузатаётган нуроний чол қиёфаси кўз олдимда гавдаланди. Хона назаримда қоронғу, заҳ ва тамаки тутунидан бўғриқиб кетгандек. Туйнукдан сизиб кирган тонгги қуёш нурида  зарраларнинг ажабтовур рақси тасаввурни яна-да жонлантиради. Донишманд шоир эса зарралар рақсини кузатар экан, ортда қолган болаликнинг бепоён кенгликлари ҳақида хаёл суради. Болаликнинг ўткир нигоҳларига муҳрланган манзаралар шу қадар ранг-барангки, ундан ҳатто қамишлар орасида ўсган қовоқ гуллари ҳам четда қолган эмас:

Ты помнишь

цветок тыквы

над камышовой оградой?..

Эслайсанми

қовоқ гулларини

Қамишларга ўрлаган?..

 Қудуқдан сув тортаётган мушфиқ она қиёфаси ёки оппоқ қор қоплаган ёлғизоёқ йўлда из қолдириб бораётган ота қадди болалик хотираларининг энг ёруғи, энг жарангдори, энг кўп эсланадигани:

Опять из колодца

мать достает воду.

О, моя звонкая память!

Яна қадим қудуқдан

сув тортаётир она

О, менинг жарангдор хотирам!

Снегопад в январе

И вновь отец идет

по дороге воспоминаний.

Қорбўрон январда

Ва яна кетмоқда ота

хотиранинг йўлакчасида.

         Баъзан хотиранинг мудроқ хилқатларида қандайдир овоз жаранг беради, илғашга интиласан илғай олмайсан, англашга уринасан бари бефойда, эслаб эслолмайсан, хотирангдан эса буткул ўчиришнинг имкони йўқ. Шоирни қийнаган овоз сатрларга сингдирилгандек гўё. У сизга ҳам жуда-жуда таниш, сиз ҳам қачонлардан бери қидирган овоз эмасмикин?

Чей же голос поет,

такой знакомый,

над жизнью моею?

Куйлаётган овоз кимники ажаб,

шу қадар таниш,

менинг ҳаётим узра?

 

  1. КАФТ – УМР ДАФТАРИ

Кафт шоир ижодида бот-бот мурожаат қилинадиган образ ҳисобланади. Кафт антопоморфизми эмблематикада куч, садоқат, моҳият ва марказ тушунчаларида идрок қилинади. Қўл бармоқларининг сони рамзлар тилида инсонни тамсил этади. У “инсон танаси, икки оёғи, икки қўли ва бошининг тимсоли ҳисобланади.” (Мингбоева: 117-б.) Бармоқларни бирлаштириб туриши жиҳатидан марказ, моҳият ва аҳиллик маънолари биринчи планга кўтарилади. Мушт ҳолатидаги бармоқларнинг йиғилиши эса куч-қудрат, ҳукмронлик ва ғазабкорлик маъноларини етакчи планга олиб чиқади. Вячеслав Ли ижодида кафтнинг бошқа бир хусусияти намоён бўлади. Кафт гўёки, умр дафтари. Унга боқиб босиб ўтилган йўл изларини томошо қилиш имкони бор. Маълумки, фолбинлик амалиётида кафтга қараб фол очиш усули мустаҳкам ва мунтазам анъана сифатида яшаб келмоқда. Шоир шеърларини ўқиганда бунинг бежиз эмаслигини англагандек бўламиз. Кафт унинг шеърларида бирлаштирувчилик функциясини қатъийлаштиради. Аждодлар ва авлодларни бирлаштирувчи, юзма-юз келтиргувчи гузаргоҳ сифатида талқин қилинади. Кафтда булоқнинг кўз очиши ва унда аждодларни кузатиш имкони ҳақидаги учлик шоирнинг шарқ символистикасини нақадар теран англашидан дарак беради.

На ладонях дражащих

искрился родник.

И я предков увидел.

Титраган кафтимда

булоқ кўз очди.

Ва мен кўрдим аждодларимни.

         Ёки:

Осенняя прохлада.

Поднимаем чаши,

ладонями согретые.

Кузги изғирин.

Қўлда пиёла

Кафтда иситилган.

Шоир кафт образини инсон организмининг бир қисми сифатидагина эмас, абстракт тушунчаларни моддийлаштириш учун ҳам қўллайди:

Божья коровка

на ладони июня…

О, боже, боже!..

Хонқизи

июннинг кафтида

О, тангрим, тангрим!..

Бу шеърнинг ички ритмикаси божья, боже, боже сўзларининг моҳирона алоқалантирилиши асосида юзага келган. Биринчи сатрдаги божья ясама сўзнинг бир компоненти. Учинчи сатрдаги такрор қўлланган боже (тангри) сўзи эса хитоб-мурожаат субъектини билдиради. Божья коровка ўзбек тилида хонқизи деб аталади. Шу боис мазкур шеър таржимасида аслиятдаги оҳангдошлик ўз-ўзидан йўқолади. Биз учун муҳим бўлган сўз бу ерда кафт антропоморфизми ҳисобланади. Бу шеърда кафт инсоннинг эмас, ёз ойларидан бирига тегишли қисм сифатида келади: июннинг кафти. Хонқизини кўрган болалар дарҳол кафтига олиб шеър айтиб уни учиришга ҳаракат қилишади. Кимнинг кафтидан учса унинг тилаклари рўёбга чиқишига ишонишади. Бу анъана деярли кўпчилик халқларда болалар фольклоридан мустаҳкам ўрин олган. Мазкур шеърдаги хонқизи сўзини ўқигандаёқ кафтидаги хонқизини учиришга тиришаётган ўтлоқда ўйнаб юрган болакай қиёфаси кўз олдингизга келади. Бу тасаввур шоирга бошқа яна-да кенгроқ тушунчаларни ифодалаш имконини беради. Шоир хонқизи ёрдамида июнни жонлантиради. Табиатни эса унинг кафти сифатида идрок этишимизни истайди. Бу ўринда кафтни яратувчининг илоҳий қудрати ва унинг чексиз марҳамати рамзи  сифатида ҳам тушунилиши мумкин.

Болаликнинг гуркираган гулхани умр бўйи ўчмасдан бизни ёлғизликнинг қақшатгувчи совуқларидан асрашини шоир кафт образи ёрдамида шундай тасвирлайди:

Ладони старые грею

над костерком детства.

О, мои ладони!.. 

Кексайган кафтимни иситаяпман

болаликнинг кафтдеккина гулханида.

О, менинг кафтларим!..

         Гулхан оташидан қизиган кафт онийдан бошқа бир хотирани уйғотади:

Как форель трепетала

в горячих руках!

О, юность в апреле!

Бетиним титрайди гулмоҳи

қайноқ қўлимда!

О, ёшлик – умрим баҳори!

Эътибор берган бўлсангиз, ёшлик кафтлар аро титраётган, озод бўлиш иштиёқи билан шошаётган форель-гулмоҳи балиғига менгзатилмоқда. Шарқ диний – мифологик ҳамда поэтик тафаккурида балиқ яширинган маънавий моҳият ва имкониятлар манбаи сифатида талқин қилинади. Шоирнинг лирик қаҳрамони қўлида типирчилаган, жонсарак форель умрнинг энг сарсари фасли ҳисобланмиш ёшлик билан параллел тасвирланади. Шоир балиқни шу тарзда бадиий образ даражасига кўтаради. Сатрлараро оҳангдошлик форель ва апрель сўзларининг қўлланиши билан яна-да тиниқлашади. Апрель баҳор фаслининг иккинчи ойи. Март ҳам эмас, май ҳам. Айнан апрелнинг ёшлик билан параллел ишлатилишида ҳаёт воқелиги билан боғлиқ мунтазамлик мавжуд. Болалик – ёшлик – кексалик. Яъни умр фаслининг ўртаси, иккинчи босқичи.

  1. ВЯЧЕСЛАВ ЛИ ТАСВИРИДАГИ ТАБИАТ

 

Табиат шоир учун илоҳий тартиб акс этган муаззам китоб. Шоир бу китобни ўқиш учун бирозгина эътибор ва бирозгина меҳр бўлса кифоя эканлигини таъкидлайди. Табиатда катта ёки кичик мавзунинг ўзи йўқ. Тўсиқни ошиб ўтишга такрор-такрор ҳаракат қилаётган чумолини кузатган оддий одам бу митти жониворни ақлсиз деб ўйлаши мумкин. Шоир эса унинг ҳарактларида қатъиятни, шижоатни, азмкорликни кўради. Бандидан узилиб ерга тушаётган бир япроқ оддий инсонда табиатнинг одатдаги ҳодисаси бўлиб туюлса, шоир назарида бу айрилиқ азобидан ўртанаётган кўнгил тимсолида гавдаланиши ва бениҳоя гўзал шеър яралишига сабаб бўлиши мумкин. Доғистонлик машҳур шоир Расул Ҳамзатов бу ҳақда шундай деган эди: “баъзилар улкан мавзуларни қаламга олиб, ўзим ҳам улкан ёзувчи бўлдим деб ўйлашади. Лекин улар энг улуғ нарса энг содда нарсада эканини тушунмайдилар. Улуғ одам билан кичик одам ўртасидаги фарқ шуки, кичик одам фақат йирик нарсаларнигина кўради, бурнининг тагида турганини кўрмайди. Улуғ одам эса йирик нарсани ҳам, кичик нарсани ҳам кўра билади, энг майда нарсада энг улкан нарса ётганини кўради ва одамларга ҳам кўсатади.” (Ҳамзатов: 394-б.) Вячеслав Ли қаламга олган мавзулар ҳам  оддий ҳаёт манзаралари бўлишига қарамай юксак туйғуларни уйғотиши билан қадрли. У табиат ҳақида ёзиш эмас рассом мисоли тасвирлаш лозилигини таъкидлайди:

Каждое утро

кисть поднимаю.

Перед Вечностью должен.

Ҳар тонгда

Мўй қалам қўлимда

Абадият олдидаги бурч.

Шоирнинг мўй қалами ҳаммамизга таниш ва оддий сўзлар. У ана шу оддий сўзлардан бетакрор манзараларни чиза олади. Шоир ўз манзаралари орқали абадиятга даҳлдор бўлишига ишонади.

Осмонда қанот қоқаётган турна полапонининг бир онлик ҳолати шоирга шундай шеър ёзиш имконини яратади:

Журавленок в полете

пытается оглянуться,

Родину оставляя.

Парвоз қилган турналар

Ортга боқмоқ истайди:

Ватан қолди-да ортда.

Бу парчада инидан учирма бўлиб кетаётган полапон кўчма маънода улғайиб, ота уйини тарк этаётган фарзанд образини ҳам ёдга солади.

Мы были там,

в цветах апрельских.

Мы пили там…

Биз бор эдик у ерда,

Найсон ранглари аро.

Биз ичгандик у ерда…

Шеърий сатрларда қўлланилган паронимлар (были – пили) оҳангдорликни юзага келтириш билан бирга табиат қўйнида ўтказилган гўзал онларнинг бетакрор манзарасини яратишга хизмат қилган.  Ёмғир ва ёмғирли ҳаво шоир ижодида алоҳида  аҳамиятга эга образлар сирасига киради. Ёмғир шеъриятда ошиқнинг ички ҳолатини акс эттиришга хизмат қилади. Осмоннинг кўз ёш тўкиши сифатида талқин қилинади. Лекин символистикада ёмғир ер билан осмоннинг учрашуви, висол айёми ҳисобланади. Бу буюк учрашув ҳосил манбаи ва мўл-кўллик рамзи ҳисобланади. Шоир ёмғирли ҳавода ёлғиз ва соябонсиз юришни ёқтиради. Бу ёмғир билан бирлашиш, бутунлашиш маъносини билдиради:

Последный день весны.

Льет долгий дождь.

Без зонтика гуляю.  

Баҳорнинг сўнгги куни

Ёмғир ёғар эринмай.

Соябонсиз кезаман.

Умуман ҳақиқий ижодкор ёмғир ёки қорни уйдан, дераза ортидан кузатмайди. Вячеслав Ли ҳам баҳорнинг сўнгги ёмғирига ғарқ бўлиб айтилмай қолган шеърини қидиради. У далада, қирда ёки тоғ бағрида сайр қилган чоғларида ҳам ҳеч ким кўрмаган гулни қидиради. Табиатнинг ҳеч кимга туҳфа этмаган мўъжизасини излаб топишни истайди. Шу излашнинг ўзи аслида ижод, ҳақиқий шеър демакдир. Бу борада Расул Ҳамзатовнинг қуйидаги фикрига қўшилмаслик мумкин эмас: “Шеър гулхонада ўстирилган ёки йўл четига ўтқазилган гул эмаски, қидириб ўтирмай ёққанини узиб олаверсанг. Шеър қадам етмаган дараларда битган чаман, қанча кезсанг, шунча нодир чечакларга дуч келасан.” (Ҳамзатов: 383-б.)

Вячеслав Ли табиат қўйнида кезар экан ҳатто уни ҳайратга солган ҳиднинг ҳам расмини чизишни истайди:

О, если бы я смог

нарисовать его,

запах осенного поля!..  

Оҳ, қани эди,

чиза олсам…

Кузги дала ҳиди!..

  1. ФАСЛЛАР ФАЛСАФАСИ

Қадимий кельт мифологиясида табиат ҳодисаларига Дагда исмли маъбуд ҳукмронлик қилади. У чилтор – арфани шу қадар маҳорат билан чалар эканки, унинг ижросига мувофиқ табиат ўз ҳолатини ўзгартириб борар, фасллар Дагда мусиқасида ифодаланган ранглар билан бурканар экан. Фаслларнинг алмашиниши дунёнинг космик мувозанат асосида ҳаракат қилишини англатади. Бир маромда айланиб туриши эса дунёвий жараёнларнинг эволюция ва инволюция қонуниятига асосан қайтарилиб туришини ифодалайди.

Вячеслав Ли шеъриятида фасллар шоирнинг руҳий ҳолатлари рангидан илҳомланиб яратилган. Шоирнинг сўз орқали туйғуни жонлантириш маҳорати шунда кўринадики, у сўзларнинг лексик маъносига фасллар билан боғлиқ ҳароратни сингдириб юборади. Куз ҳақидаги шеърини ўқиганда хазонрезги палласидаги бўғиқ ҳаводан қисилишингиз ёки қиш тараннум этилган шеърини ўқиб жунжикишингиз мумкин. Фасллар хотира фонида чизилади. Шу боис унда босиб ўтилган йўлда қолган изларини қидираётган, қувноқ қийқириқларини қўмсаётган қаҳрамон қиёфаси бот-бот кўз ўнгингизда намоён бўлади.

В дымке осеннего

слышу нежный зов.

Ах, не моя ли юность?!

         Кузнинг бўғиқ ҳавосида

         инжа бир овозни туяман.

         Эҳ, бу менинг ёшлигим эмасми?!

Шоирнинг фасллар ҳақидаги шеърларида қизиқ бир ҳолат кузатилади. Яъни, биринчи сатр билан учинчи сатр бир хил шаклланган ёки биринчи сатр айнан такрорланган бўлади. Бундай такрор лингвопоэтик таҳлилга бағишланган илмий адабиётларда вертикал ва дистант такрор деб аталади:

Права была весна.

А я ее жалел.

Права была весна…

Баҳор ҳақли эди.

Мен эса унга ачинаман.

Баҳор ҳақли эди…

Яна:

Мы – облака

над веснами и зимами.

Мы – облака…

Биз булутмиз

баҳор ва қишлар узра.

Биз булутмиз…

Бизнингча, бу шаклнинг танланиши бежиз эмас. Унда фаслларнинг, ҳаёт ва табиат ҳодисаларининг циклик ҳаракатига, такрорланишига, ишора бор.

  1. ТОВУШЛАР ҚИЁФАСИДАГИ КАЯГИМ

Вячеслав Ли шеърлари ҳажман ихчам бўлишига қарамай маъно салмоғи ва фикр кўлами жиҳатидан ниҳоятда бой ва теран ҳисобланади. Аслида ижодкорнинг қанча китоб ёзгани эмас, нимани қандай ёзгани муҳим. Айтадиган гапи мисқолча бўлса-ю, ботмон-ботмон китобга жо бўлса бундай китобни ўқувчиси бўлмайди. Файласуф В.Алимасов айтганидек: Ҳикмат жилд-жилд асарлар тўқишда эмас, у ҳозир ҳеч кимда ҳайрат уйғотмайди, балки ушбу жилд-жилд китобларни бир сатрга жо этишдадир. Вячеслав Ли шеърларидаги ихчамлик сизга фавқулодда кенг имконлар ваъда қилиши билан ҳам характерланади. Сўз битган жойда фикр бошланади деб бежиз айтишмайди. Шоирнинг ихчам шеърлари ўз-ўзидан узоқ шарқ халқларига хос назмий шаклни ёдга солади. Шеър оҳанги, унда ишлатилган сўзлар жўрлигида беихтиёр корейс каягими садоларини эслатади, кўнгилга ёруғлик олиб киради, фикрни уйғотади: тарих ҳақида, эътиқод ҳақида, муҳаббат ҳақида, табиат ҳақида, умуман, уйғоқлик ҳақида одамни ўзи билан ўзини баҳс қилишга чорлайди.

В слове ОМОНИ

три слога безмерных.

Один из поздных уроков

ОМОНИ деган сўзда

уч бўғин бор ўлчовсиз.

Бири кечиккан сабоқ.

Омони корейсча она демак. Фоносемантикада “о” графемасининг кенглик, кучлилик, ибтидо ва адоқсиз соҳил тасаввурини яратиши таъкидланади. Омони сўзида доминант товуш “о” бўлиб, мазкур товуш борлик ва йўқлик, микрокосм ва макрокосм ўртасидаги туйнук, уларни бир-бирига боғловчи ҳалқа иллюзиясини яратади. Моҳиятан она-яратувчи, дунёнинг ибтидоси ва якуни ҳамдир. Талаффузига эътибор берилса, очиқ бўғинлар мазкур сўзга алоҳида мусиқийлик бағишлаётганлигини фарқлаш мумкин бўлади. Товушни ифодаловчи ҳарфнинг айлана шаклда (бу корейсчада ҳам шу шакл билан ёзилади) эканлиги доира квадратураси ҳақидаги қарашлар билан боғлиқ. “Доира квадратураси – инсоннинг илоҳийликка яқинлашишига, ўзининг нисбий табиатини мутлақ табиатга ўзгартишига, руҳ чўққиларига кўтарилишга интилишининг мажозидир. Доира квадратурасини ҳисоблаб чиқаришни Данте Исонинг бир вақтнинг ўзида илоҳий ва инсоний бўлган табиатини тушуниб етишга уриниш билан қиёслайди.” (Мингбоева: 121-б.) Доира – чексизлик ва баркамоллик рамзи сифатида ҳаётнинг давомийлигини акс эттиради. Омони сўзининг товуш қобиғи ҳам ана шу баркамолликни мотивлаштиради. Тилшуносликда товушларда мотивлашувнинг мавжудлиги ҳақида А.П.Журавлев, И.Черепанова, В.Шалак, Г.Саттаров, Л.Фатыхова, З.Кабилова ва бошқалар алоҳида тадқиқотлар олиб боришган. Машҳур рус ёзувчиси А.И. Куприннинг “Яккама-якка олишув” деб номланган қиссасида товушлардаги мотивацияга алоқадор бир ҳодиса тилга олинади. Асар қаҳрамонлари ўртасида бир тортишув бўлиб ўтади. Мунозарага немисча “unser” (“бизнинг” дегани) сўзининг талқини сабаб бўлади:

– Биласизларми, унзер дегани, бу жудаям баланд, ингичка ва қанақадир ачинарли нарса. Бамисоли қандайдир узун ва қотма ҳашорат ва албатта, ниҳоятда вахший.

– Унзерми? – деди бошини кўтариб Шура… – йўқ, унақамас, бу қандайдир ям-яшил ва ўткир. Ҳа, ҳа, албатта, ҳашоратсимон бир нарса. Бир қарашда чигирткага ўхшайди, лекин жирканч ва вахший.

Бу сўз туфайли қаҳрамонлар тасаввурида уйғонган қиёфа деярли бир-бирига монанд эди. Узун, ингичка, яшил, аччиқ, ўткир, жирканч ва вахший. Қаҳрамонлар сўз маъносини билишмайди. Лекин унинг товуш қобиғи орқали ҳосил бўлган иллюзияларни англашга ҳаракат қилишади. Рус тилида “з” товуши фоносемантик жиҳатдан ёқимсиз, сескантирувчи, ингичка, ўткир ҳисобланади. (Журавлев: 21)

Вячеслав Ли шеърларида ишлатилган саткат (қамиш қалпоқ); ондоль (иситиладиган пол); кермек (эгат) каби сўзлар корейсча ҳаёт тарзи билан боғлиқ мотивларни гавдалантиради:

Один взмах крыла

до жгучего лета.

Саткат подлатаю старый.

Бир марта қанот қоқ

Жазирама олдидан.

Саткат эскига янги ямоқ.

***

Свет заоконный.

Взгляд материнский.

Ондоль детства.

Деразадан инган нур

Оналарнинг нигоҳи.

Ондол – болалик…

***

Под этими облаками

мы всегда равны –

я и кермек безмолвный.

Бу булутлар остида

Биз ҳаммамиз баробар –

Мен ва кермек сукутда…

Шоир ўз шеърларида поэтик воситаларни мажбурий ишлатишга уринмайди. Ундаги айрим сўзлар ғоят табиий равишда китобхон тасаввурида поэтик образларни ҳосил қилади. Вячеслав Ли танлаган шеърий шакл фикр ифодаси учун имконият маъносида ниҳоятда чекланган. Лекин “чинакам истеъдоднинг қудрати шундаки, у чекланган шароитда ўзининг чекланмаган ифода имкониятларига эгалигини кўрсата олади.” (Йўлдошев: 323-б.) Вячеслав Ли ижоди билан танишган китобхон шоирнинг ана шундай истеъдод соҳиби эканлигига иқрор бўлади. Унинг шеърларини ўқиган одам кўнглида осудалик ва виқор туйғулари уйғонади. Ҳаётнинг турфа ўйинлари қаршисида сокин ва улуғвор тура олиш ҳиссини шакллантиради. Шоир тасвирлаган манзаралар, йўқлик ва мангулик ҳақидаги чизгилар кўз олдингизда бир умр муҳрланиб қолади. Агар шоирни мухтасаргина қилиб ифодалаш талаб этилса, мен уни Ўзбекистондаги Корея деган бўлардим.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

Вячеслав Ли. Вақт япроқлари. Шеърлар. – Тошкент, 2000.

Мингбоева Д. Тимсоллар тилсими. –Тошкент, Янги аср авлоди, 2007.

Ҳамзатов Р. Доғистоним / Воҳидов Э. Сайланма. 3-жилд.

Журавлев А.П. Звук и смысл. Просвещение, 1991.

Йўлдошев Қ. Ёниқ сўз/Инжа туйғулар жилоси. –Тошкент: Янги аср авлоди. 2006.

[1] Мақоланинг инглиз тилидаги таржимаси учун қаранг: The Linguapoetic Peculiarities of the poetry of Vyacheslav Lee. The International Simposium on Gyeoremal-keunsajeon, Korea, 2008. www.gyeoremal.or.kr

Поделиться в FaceBook Добавить в Twitter Сказать в Одноклассниках Опубликовать в Blogger Добавить в ЖЖ - LiveJournal Поделиться ВКонтакте Добавить в Мой Мир Добавить в Google+

Комментирование закрыто.

Translate »